Футзал бўйича Эрон ва Ўзбекистон миллий термалари ўртасида Машҳадда бўлиб ўтган иккинчи ўртоқлик учрашуви ҳам Эрон жамоасининг ғалабаси билан якунланди. Бу ҳақда Футбол федерацияси матбуот хизмати хабар қилди.

Учрашувнинг 2- дақиқасиданоқ форслар Фарҳод Таваккалийнинг аниқ зарбаси эвазига ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Қарши ҳужумга ўтган ўзбекистонлик спортчилар 7- дақиқада вазиятни тенглаштирди. Фарҳод Абдумавлонов голга муаллифлик қилди.

Орадан икки дақиқа ўтмасдан Эрон яна ҳисобда олдинга чиқиб олди. Ўзбекистон термаси ўйинчиларининг қўпол хатоларидан унумли фойдаланган Ҳуссайн Тойибий қийинчиликсиз Эрон жамоасини олдинга олиб чиқди.

Жуда юқори суръатда кечган учрашувда томошабинлар ҳар икки томоннинг ҳам қизиқарли ҳужумларига гувоҳ бўлди. 16- дақиқада Даврон Чориевнинг чиройли тарзда урган голи ҳисобни 2:2 га етказди.

Биринчи тайм тугалланишига бир дақиқа қолганда мезбонлар яна олдинга чиқиб олди. Қудрат Баҳодурий аниқ зарба билан Рустам Умаров қўриқлаётган дарвозани забт этди.

Иккинчи таймнинг ярми голсиз ўтди, бироқ 29- дақиқада Ҳуссайн Тойибий эронликларнинг тўртинчи голини киритиб, Осиёдаги энг кучли ҳужумчилардан бири эканини яна бир карра исботлади.

33- дақиқада эса учрашувнинг энг чиройли голи киритилди. Жавлон Аноров майдон ўртасидан туриб тўпни ўзига хос тарзда рақиб дарвозасига йўллаб қўйди. Аноровнинг голи жамоадошларини руҳлантириб, вазиятни тенглаштириш учун қанчалик ҳаракат қилинмасин, вазият ўнгланмади. Аксинча, учрашувнинг сўнгги дақиқаларида Маҳдий Жавид дубль қайд этиб, ҳисобни йириклаштирди ва Эрон 6:3 эвазига яна бир карра ғалаба қозонди.

Колумбияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон термаси Машҳаддаги йиғинини якунлади. 30 август куни делегация мундиал олдидан ўз йиғинларини давом эттириш учун Португалияга учиб кетади.