Олимпия шон-шуҳрати музейида тўрт йилликнинг асосий ўйинларида медалларни қўлга киритганларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, дея хабар қилди Миллий олимпия қўмитаси Facebook`даги саҳифасида.

Олимпия чемпионларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан пул мукофотлари сертификатлари тақдим этилди. МОҚ, ўз навбатида, спортчи-совриндорларга Chevrolet Malibu автомобилларини тортиқ қилди.

Эслатиб ўтамиз, Президент Ислом Каримов фармойиши билан Олимпиада олтин медалини қўлга киритганлар 200 минг, кумуш учун 100 минг ва бронза учун 75 минг доллардан пул мукофоти билан тақдирланиши белгиланган.

Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида 13 нафар ўзбекистонлик совриндор бўлди. Улар томонидан 4 олтин, 2 кумуш ва 7 бронза медали қўлга киритилиб, мамлакатнинг Олимпия ўйинларидаги энг яхши натижаси қайд этилди. Умумий натижага кўра Ўзбекистон 21- ўринни банд этган бўлса, бокс бўйича жаҳонда биринчи поғонани эгаллади.