Ўзбекистонда Мустақиллик куни арафасида жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича чоралар кучайтирилади. Бу ҳақда ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Турсунпўлат Тошпўлатов ЎзАга берган интервьюсида маълум қилди.

«Тадбирларни самарали ташкил этиш мақсадида вазирликнинг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш, патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш, ёнғин, йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармалари, хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси, „Қўриқлаш“ бирлашмаси ва бошқа хизматларнинг ходимлари томонидан тегишли ташкилий профилактик ишлар бажарилмоқда», — деди вазир ўринбосари.

«Мамлакатимизнинг ҳар бир гўшаси, айниқса, байрам тадбирлари ўтказиладиган жойлар соҳа ходимларининг алоҳида эътиборида. Хавфсизликни таъминлаш юзасидан махсус рейдлар ўтказилаётир. Бу жараёнда маҳаллий ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, хусусан, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари фаол иштирок этмоқда. Тадбирлар давомида аниқланаётган камчиликлар, ҳуқуқбузарликлар ўз вақтида бартараф этилаётир», — қайд этди у.

Турсунпўлат Тошпўлатовнинг таъкидлашича, байрам олдидан барча туман, шаҳар, маҳалла ва овулларда ички ишлар органлари ходимлари ва «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси вакилларидан иборат гуруҳлар ташкил этилди. Улар аҳоли тинчлигини сақлашга оид зарур чораларни кўриш билан бирга жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жиноят содир этишга мойил шахсларни аниқлаш ва уларга жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда профилактик таъсир кўрсатишга оид вазифаларни самарали адо этмоқда.

Патруль-пост ва жамоат тартибини сақлаш хизмати томонидан аҳоли гавжум жойларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, шубҳали шахслар аниқланганда уларга нисбатан тегишли чора кўриш, жамоат тартибини бузиш ҳолатлари учраганда уни дарҳол бартараф этиш чоралари янада кучайтирилган. Байрамолди чора-тадбирлари давомида 8 мингга яқин ҳуқуқбузарлик аниқланиб, жойида бартараф этилди.

«Шаҳар ва қишлоқларимизнинг санитария ҳолати, кўчаларнинг ёритилиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳам соҳа ходимларининг эътиборидан четда қолгани йўқ. Бу борада учраган камчиликлар юзасидан ободонлаштириш ва электр тармоқлари корхоналарига олти юзга яқин тақдимнома киритилди. Натижада камчиликлар бартараф этилиб, аҳолига қулайликлар яратилди», — ИИВ раҳбарининг биринчи ўринбосари сўзларидан иқтибос келтирмоқда ЎзА.

25 мингга яқин аҳоли турар жойи, 1000 га яқин кўп қаватли уйнинг ёнғинга қарши ҳолати текширилди. Олиб борилаётган профилактик ишлар натижасида ёнғин хавфсизлиги талабларини бузган 1500 дан зиёд фуқаро ва масъул шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

«Истиқлолимизнинг чорак асрлик айёми арафасида пойтахтимиз, барча вилоятларда йўллар ободлигига эътибор янада кучайди. Йўллар кенгайтирилиб, замон талаблари асосида қайта бунёд этилиб, уларда фуқаролар хафсизлигини таъминлаш чоралари таъминланаётир. Чунончи, автомобиллар ҳаракатининг қарама-қарши йўналишларини ажратувчи тўсиқлар, алоҳида пиёдалар йўлаклари барпо этилгани жуда катта қулайликлар яратди. Бундан ташқари, марказлашган кўчаларда автомобиллар ҳаракатини кузатиш ва тартибга солишга қаратилган видеокузатув мосламалари фаолияти йўлга қўйилгани йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ҳолатларининг кескин камайишини таъминламоқда. Соҳа ходимлари барча кўчаларда, хусусан, байрам тадбирлари ўтказиладиган майдонлар атрофидаги йўлларда хавфсизлик чораларини кучайтирган. Улардаги йўл белгилари кўздан кечирилиб, камчиликлар бартараф этилмоқда», — қайд этди Турсунпўлат Тошпўлатов.

Унинг қўшимча қилишича, байрам муносабати билан пойтахтда хавфсизликни янада кучайтириш мақсадида транспорт воситалари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан жиддий текширувдан ўтказилмоқда. Байрам арафасида ва байрам кунлари пойтахтга кириб келаётган транспорт воситалари қатнови бироз чекланиши ҳам мумкин.