Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари гуруҳи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлади. Мазкур қўшимча ва ўзгартишларда Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига нисбатан жарима чораларини қўллаш назарда тутилган. Йўл ҳаракати қоидаларининг янги таҳрири эса 1 мартда кучга кирган эди.

Norma.uz хабарига кўра, гап мототранспортда ҳаракатланишда ҳайдовчининг мотошлеми бўлмаслиги, ёруғлик қайтарувчи нимча билан таъминланмаган автотранспорт воситасини бошқариш ҳамда пиёдаларнинг йўлнинг ҳаракатланиш қисмида, жумладан, пиёдалар ўтиш йўлида телефон ёки бошқа электрон қурилмалардан фойдаланиши, видео- ва аудио маҳсулотларни томоша қилиши ва эшитиши, китоб ва даврий нашрларни ўқиши ҳақида кетмоқда.

Таклиф этилаётган жарималар миқдорига ойдинлик киритилганича йўқ. Тузатишлар август ойи охирида Сенатнинг олтинчи сессиясида кўриб чиқилиши лозим.