Ўзбекистонлик боксчи Шаҳрам Ғиёсов Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтаётган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон термасига биринчи кумуш медални олиб берди. Мазкур соврин мамлакат боксчилари қўлга киритган илк Олимпида кумуш медали сифатида ҳам тарихда қолди.

69 килограмгача бўлган вазн тоифасида кечган финал баҳсида Ғиёсов қозоғистонлик Данияр Елеусиновдан очколар ҳисобига мағлуб бўлди. Ўзбекистонлик боксчи аввалги уч жангда литвалик Станёнис, кубалик Ронел Иглесиас ва марокашлик Муҳаммад Рабийни енгган эди.

Бир олтин (Ҳасанбой Дўсматов), бир кумуш ва бир бронза (Рустам Тўлаганов) медал билан Ўзбекистон спортнинг мазкур тури бўйича умумий ҳисобда биринчи ўринни эгаллаб турибди.