7 август куни эрта тонгда А-373 «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлидаги «Қамчиқ» довонининг 229- километрида «Спарк» русумли автомашина ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, бетон тўсиққа урилган ва йўлдан чиқиб кетган. Бу ҳақда Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати хабар қилди.

Автойўл диспетчерининг ҳодиса тўғрисидаги дастлабки маълумоти 5:32 да келиб тушган. «Қамчиқ» қидирув-қутқарув махсус бошқармаси офицери А. Хусенов бошчилигидаги шахсий таркиб зудлик билан воқеа содир бўлган жойга етиб борган.

Қутқарувчилар жабрланганларни машинадан чиқариб олишга киришган. Турли даражадаги тан жароҳатларини олган ҳайдовчи ва уч йўловчининг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлинди. Бир йўловчи — Наманган вилоятида яшовчи 25 ёшли М. Абдураҳимова оғир тан жароҳати туфайли воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.

Жабрланганларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг «Резак» тиббиёт пунктига олиб борилган.

ФВВ яна бир бор ҳайдовчиларни автотранспорт воситаларидан фойдаланганда эҳтиёткор бўлиш, тезликни меъёридан оширмаслик, йўл ҳаракати қоидаларига амалга қилишга чақирди.