8 августдан бошлаб Асакадаги (Андижон вилояти) GM Uzbekistan автозаводида ҳар йиллик режали профилактика ишлари бошланади, хабар қилди компания матбуот хизмати Facebook`да.

«Мазкур тадбир доирасида асосий ва ёрдамчи технологик ускуна ва жиҳозлар, коммунал хўжаликлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларида профилактика кўриклари ва техник хизматлар амалга оширилиб, муассасани куз-қиш мавсумига тайёрлаш доирасида режали таъмирлаш ишлари ўтказилади», — дейилади хабарда.

Компаниянинг маълум қилишича, GM Uzbekistan тайёр маҳсулотларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда етказиб бериш бўйича шартномавий мажбуриятларини бажаради. Режали профилактика ишлари автомобилларни ички ва ташқи бозордаги дистрибьюторлик ва дилерлик ташкилотларига етказиб бериш жадвалига таъсир кўрсатмайди.

«Автомобилларни, жумладан, R2 ва Nexia R3 автомобилларини муқаддам келишилган ҳажм ва муддатларда жўнатиш режали тартибда давом эттирилмоқда», — қайд этилади хабарда.

Матбуот хизматининг алоҳида таъкидлаб ўтишича, Асакадаги автоpзаводда ишлаб чиқаришнинг тўхтатилишига йиллик режали-эҳтиёт шарт ишларнинг ўтказилишидан бошқа сабаблар йўқ.

Хоразм вилоятидаги GM Uzbekistan`нинг «Хоразм Авто» заводи фаолияти одатдаги тартибда давом этади. Завод 2013 йилда ишга туширилгани сабабли бу ердаги ишлаб чиқариш тармоқларида профилактик тусдаги чораларнинг олиб борилишига ҳожат йўқ.