Дзюдочи Диёрбек Ўрозбоев Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилаётган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегация ҳисобига дастлабки медални келтирди, хабар қилди Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Оғирлик вазни 60 килограммгача бўлган полвонлар беллашувида татамига тушган спортчи Австралия, Швейцария, Бразилия ҳамда Грузия терма жамоаси аъзоларини мағлуб этиб, бронза медали совриндори бўлди.
«Биринчилардан бўлиб баҳсларга киришиш жуда ҳам масъулиятли. Мен бунга ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёр эдим. Биз спортчиларга давлатимиз ва хукуматимиз томонидан қаратилаётган алоҳида эътибор ўз сўзини айтмоқда… Мен Олимпия ўйинларидаги биринчи медалимни давлатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлайман. Халқимиз, Президентимиз ишончларини оқлаганлигимдан хурсандман», — деди Диёрбек Ўрозбоев.
Диёрбек Ўрозбоев 1993 йилнинг 17 август куни Хоразм вилоятининг Шовот туманида таваллуд топган. Халқаро тоифадаги спорт устаси. Мураббийлари: Жамшид Худойберганов ва Вячеслав Перетейко.