Марказий Осиёнинг беш давлати ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ давлат котиби 3 августда Вашингтонда бўлиб ўтган «С5+1» шаклидаги йиғилишда бешта лойиҳани ишга туширишга келишиб олди. Мазкур лойиҳалар учун АҚШ 15 млн доллар ажратади. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар қилди.

Хавфсизликни кучайтириш, иқтисодий ҳамкорликка кўмаклашиш ҳамда иқлим ўзгаришлари оқибатларига чидамлиликни ошириш бўйича минтақавий лойиҳаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги қарор ўтган йилнинг ноябрь ойида вазирларнинг Самарқандда бўлиб ўтган йиғилишида қабул қилинган эди.

«C5+1» ўзида ўзаро манфаатлар келтириб чиқараётган масалаларни муҳокама қилиш учун Марказий Осиёнинг беш давлати ва АҚШни бирлаштириб турган платформани ифода этади.

Лойиҳалар рўйхати

1. Марказий Осиёда хорижий террористик жангарилар ва зўравонликнинг радикаллашуви каби таҳдидларга қарши курашишни мақсад қилган Глобал аксилтеррор форуми Минтақавий диалоги (GCTF). Диалогда мазкур масалалар бўйича МО ва бошқа давлатларнинг сиёсатчи ҳамда мутахассислари иштирок этиб, радикаллашув, жангариларнинг чиқиб кетиши ва қайтишига қарши курашишнинг илғор тажрибалари ҳамда минтақавий усулларини ўзаро алмашади. Форум хорижий жангари-террористлар муаммосини янада самарали ҳал этиш амалиётини татбиқ қилиш тўғрисидаги Гаага-Марокаш меморандумини амалга ошириш устида ҳам иш олиб боради.

2. Марказий Осиё бизнеси рақобатбардошлиги (САВС). Мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад Марказий Осиё корхоналари учун янги бозорларга чиқиш ва экспорт ҳажмини ошириш имкониятларини енгиллатишдан иборат. Энг аввал лойиҳа кучли экспорт салоҳиятига эга боғдорчиликка йўналтирилади. Лойиҳа иштирокчилари тижорат устидан назорат қилувчи ҳукумат органлари билан маҳсулотларни экспорт қилиш учун олиб борилаётган сиёсатни енгиллатиш устида иш олиб боради. Бундан ташқари, лойиҳа ишлаб чиқариш, маҳсулотларни қайта ишлаш ва қадоқлаш каби жараёнларни янада яхшилаш мақсадидаги корхоналарга капитал ва технологияларни жалб этишга кўмаклашади.

3. Транспорт йўлагини ишлаб чиқиш (TCD). TCD лойиҳасидан кўзланган мақсад — Марказий Осиё давлатлари орқали товарларнинг олиб ўтилиш қиймати ва вақтини камайтириш, бутун минтақа бўйича транспорт-логистика хизматлари сифатини ошириш. Лойиҳа иштирокчилари ташкилотлар, тижорат устидан назорат ўрнатувчи органлар ва ҳукуматлар билан ҳамкорлик қилиб, асосий йўлаклар бўйлаб тижоратни олиб боришдаги тарифсиз тўсиқларни аниқлаш ва камайтириш ишларини амалга оширади. Бундан ташқари, унинг иштирокчилари транспорт ва логистика фирмалари билан самарасиз ишлашни камайтириш ва рақобатбардошликни ошириш бўйича иш олиб боради.

4. «Келажак энергияси» (Power the Future). «Келажак энергияси» лойиҳаси Марказий Осиёда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини ошириш бўйича фаолият олиб боради. Лойиҳа техник ёрдам, режалаштиришга кўмаклашиш ва энг яхши Америка ҳамда жаҳон тажрибаларини қайта тикланувчи энергия сектори ривожини тезлаштириш учун татбиқ этишни ўз ичига олади. АҚШ энергетика соҳасида ўқитишларни амалга ошириб, стратегик режалаштириш масалалари, муайян харидлар, энергия тармоқлари интеграцияси, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳамда инновацион молиялаштириш бўйича ўз ёрдамини кўрсатади.

5. Миллий ва минтақавий мослаштирилган режалаштиришни қўллаб-қувватлаш. Мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад Марказий Осиё мамлакатларининг иқлим ўзгаришлари оқибатларига мослашишни режалаштириш салоҳиятини оширишдан иборат. Лойиҳа иштирокчилари иқлим ўзгаришларига мослашишда минтақавий муҳим масалалар ва трансчегаравий муаммоларни аниқлаш устида иш олиб боради. Улар иқлимшунослик бўйича юқори сифатли маълумотларга эга бўлиш ва таҳлилчилардан фойдаланишни яхшилаш бўйича ҳам ишлайди. Бундан ташқари, мамлакатлар иқлим хизматлари ишини яхшилаш, трансчегаравий иқлимий муаммоларни баҳолаш ва мониторинг қилишга ёрдам берувчи маълумотлар ва кўрсаткичлардан ҳамкорликда фойдаланишни белгилаб олади.