20 июнь куни Тошкент шаҳар Сергели туман судининг очиқ мажлисида жониворларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш иши бўйича қарор қабул қилинди. Тошкент вилоятининг 27 ёши фуқароси бир ярим ой муқаддам ўз итига оғир жароҳат етказгани учун Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111- («Жониворларга шафқатсиз муомалада бўлиш») ва 183- («Майда безорилик») моддалари бўйича айбдор деб топилди.

Суд ишига асос бўлган ҳодиса интернет-ҳамжамиятлар ва бир қатор ОАВларда катта акс-садоларни келтириб чиқарган эди. 12 май куни Facebook ижтимоий тармоғидаги «Всё твоих руках» («Ҳаммаси ўз қўлингда») гуруҳида хўжайини калтаклаган кучук ҳақида маълумот пайдо бўлди. Жониворлар ҳимоячилари жониворнинг хўжайинини судга беришга қарор қилди.

Даъво аризасида келтирилишича, кучук жониворларни ҳимоя қилувчи ташкилот билан ҳамкорлик қилувчи кўнгилли томонидан аниқланган ва Сергели туман ветеринар клиникасида 10 кунлик карантинда сақланган.

Суд қарорига кўра, кучукнинг собиқ хўжайини энг кам иш ҳақининг 3 баравари миқдорида жарима тўлайдиган бўлди.

Жониворлар ҳуқуқлари билан шуғулланувчи «Mehr va oqibat» нодавлат нотижорат ташкилоти маълумотига кўра, бу жониворлар билан шафқатсиз мулоқот учун ҳуқуқий жиҳатдан жазо тайинланган учинчи ҳолатдир.