Universal Mobile Systems МЧЖ ўз фаолиятини 2029 йил якунигача берилган уяли алоқа хизматларини кўрсатиш лицензияси асосида олиб бораётганини маълум қилди.

«Компания мобил операторнинг барча хизмат ва сервисларини кўрсатмоқда, янги абонентларни улаш ва амалдаги мижозларга хизмат кўрсатиш ишларини амалга оширмоқда», — дейилади оператор сайтига жойлаштирилган хабарда.

«Салмоқли салоҳиятга эга UMS узоқ муддатли ривожланиш режаларини барча йўналишлар бўйича татбиқ этишни давом эттиради ва ўз мижозларининг эҳтиёжларини қондиришга алоҳида эътибор қаратади», — қайд этилади хабарда.

Бундан аввалроқ Россия ОАВларида МТС компаниясининг август охирига қадар UMS таъсисчилари таркибидан чиқиш имкониятлари тўғрисида хабар қилинди. Мазкур хабар расман тасдиқланмади.

UMS Ўзбекистон ҳудудида 2014 йил 1 декабрдан тижорий мобиль алоқа тармоғини ишга туширган. 2016 йил бошида UMS абонентлар базаси 1,095 миллионга етди.