«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси Тошкентдаги автобуслар ҳаракатини кузатишга имкон берувчи TashBus (Android) мобиль иловаси тест режимида ишга туширилганини маълум қилди.

Илова ёрдамида фойдаланувчи белгиланган йўналишдаги автобум ҳаракатини кузатиши, унинг керакли бекатга келиш вақтини билиши, давлат рақами, ҳаракат тезлиги ва автобекатгача бўлган масофани аниқлаши мумкин.

Бекатлар каталоги қайси йўналишлар белгиланган бекат орқали ўтишни аниқлашга имкон беради. Қидирув функцияси орқали автобусларни рақами, бекатларни эса номи бўйича топишга шароит туғдиради. Йўналишни тезкор топиш учун уни танланганлар рўйхатига киритиб қўйиш кифоя қилади.

«Тошшаҳартрансхизмат"нинг Grand Technology System компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиққан иловаси пойтахт автобус йўналишларининг барчасини қамраб олган. Яқин вақтлар ичида илованинг iOS талқини ҳам ишга туширилади. Бундан ташқари, дастурчилар режасида www.tashbus.uz сайтида унинг веб-кўринишини ишлаб чиқиш ҳам жой олган.