170 дан зиёд мамлакатлар қатори Ўзбекистонда ҳам 1−7 август кунлари Жаҳон кўкрак сути билан боқиш ҳафталиги ўтказилмоқда. Мазкур ҳафталик ҳар йили бутун дунёда кўкрак сути билан боқиш ва болалар саломатлигини яхшилаш масалаларини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилади. 2016 йилги ҳафталик мавзуси «Кўкрак сути билан боқиш — барқарор тараққиёт калити» бўлди, дея хабар қилинди ЮНИСЕФнинг Тошкентдаги ваколатхонасидан.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2015 йилда фақат кўкрак сути билан боқишнинг ўртача даражаси 54,4 фоизни ташкил қилган. Бу масалада энг юқори кўрсаткичлар Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилган (60 фоиздан юқори). Мамлакатда оналар туғруқхоналардан чиқаётган даврда фақат кўкрак сути билан боқиш амалиёти даражаси 90 фоиздан ортиқни ташкил қилади. Бироқ кейинги ойларга бориб ушбу кўрсаткич камайиб боради.

«2 ёшга тўлгунича кўкрак сути билан боқиладиган болалар қисқа муддат эмизиб боқилган ёки сунъий маҳсулотлар билан озиқлантирилган болаларга нисбатан касалланиш ва ўлим ҳолатлари бўйича анча паст кўрсаткичларга эга», — дейди Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори профессор Дилором Аҳмедова.

Ҳафталик давомида ота-оналар учун брифинг ва маслаҳатлар ўтказиш, оналарни ўзаро қўллаб-қувватлаш гуруҳлари учрашувларида муҳокамалар уюштириш каби тадбирлар ўтказилмоқда.

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги вилоят перинатал маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган акушерилик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиали болага нисбатан дўстона тиббиёт муассасаси сертификатига эга бўлади. Айни пайтда ЮНИСЕФнинг Болага нисбатан дўстона шифохоналар ташаббусига Ўзбекистондаги 96 та соғлиқни сақлаш муассасаси қўллаб-қувватлаб келмоқда.