Тошкентда Тараққиёт кўчаси билан кесишадиган автомобиль йўл ўтказгичи реконструкцияси якунига етмоқда, яқин кунларда мазкур йўл бўйлаб ҳаракатланишга ижозат берилади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ахборот хизмати хабар қилди.

Реконструкция қилинаётган ёнма-ён жойлашган темир йўл ўтказгичи ҳам фойдаланишга топширилади. «Салор» станцияси ва «Тошкент» вокзали ўртасидаги учта темир йўли иккитага камайтирилди.

Август ойи давомида янгиланган транспорт боғламаси мажмуаси очилиши бўлиб ўтиб, Тараққиёт кўчасининг муқаддам трамвай йўли ётқизилган қисми бўйлаб ободонлаштириш ишлари олиб борилади.

Эндиликда кўча олти қаторли бўлиб, мазкур қисмнинг ўтказувчанлик хусусияти янада ортади. Кўча ёқалари бўйлаб эса пиёдалар йўлаклари реконструкция қилиб бўлинди.

Сентябрга қадар Тараққиёт кўчасининг давоми сифатида Оҳангарон шоссесига чиқадиган янги йўл ҳам очилади.