Тошкентдаги Пушкин хиёбони қуёш энергияси ҳисобига ёритилаёдиган дастлабки дам олиш масканларидан бирига айланди. 29 июль куни кечқурун бу ерда қуёш энергияси ҳисобига ишловчи ёруғлик диодли чироқларни ишга туширишга бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Хиёбон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва ЕҲҲТнинг мамлакатдаги Лойиҳалар координаторининг «Ўзбекистон Республикасида экологик ташаббусларни амалга ошириш» лойиҳаси доирасида 20 та автоном қуёш ёруғлик диодли ёритгичлар билан таъминланди.

Чироқларни ёқишга бағишланган маросимда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Равшан Файзиев ва ЕҲҲТ Лойиҳалар координатори маслаҳатчиси Ҳанс Ульрих Им иштирок этди.

Пойтахтдаги хиёбон ва бошқа дам олиш масканларини муқобил энергия билан ёритувчи чироқлар билан таъминлаш ишлари давом эттирилади.

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати маълумотларига кўра, 2016 йилнинг ярми давомида бутун Ўзбекистон бўйлаб қўмитанинг «Эко-Энергия» маркази томонидан нефть ва газ соҳаси корхоналари, мактаб ва тиббиёт муассасалари, меҳрибонлик уйлари ҳамда қариялар учун интернатлар, фермер хўжаликлари эҳтиёжлари учун 197 та фотоэлектр станцияси ўрнатилди. Йил сўнгига қадар 400 дан зиёд шу каби станциялар ўрнатилиши лозим.