Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари Чимёнда икки фарзанди билан адашиб қолиб, тоғлардан мустақил равишда туша олмай қолган эркакка ёрдам кўрсатди.

27 июлда бўлиб ўтган ҳодиса ҳақида ФВВ матбуот хизмати хабар қилди.

«Биз жуда баландликдан қандай тушишни билмай қолдик, — дейди Қодиржон Дўстматов. — Натижада мен ва икки фарзандим адашиб қолиб, тоғларда бир неча соат юрдик. Мен вазиятдан чиқиш қийин эканини кеч тушуниб етдим».

Ёрдамга мазкур ҳудудда ФВВ мусобақаларида иштирок этаётган қутқарувчилар етиб келишди.

«Мусобақанинг навбатдаги босқичига йўл олар эканмиз, кимдир ёрдамга чақираётганини пайқаб қолдик», — деди Самарқанд вилоят ФВБ қутқарувчиси Алишер Қурбонов. Тошкент вилоят ФВБнинг махсус қисми зудлик билан чақирилиб, керакли ускуналар етказиб берилди. Шундан сўнг икки вилоят қутқарувчилари эҳтиёткорлик билан эркак ва икки фарзандини пастга тушириб олишди.

Қутқарув операциясида Самарқанд вилоят ФВБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Георгий Смирнов, қутқарувчилар гуруҳи бошлиғи Равшан Шарипов, қутқарувчи Алишер Қурбонов ҳамда Тошкент вилоят ФВБ махсус тезкор қутқарув отряди қутқарувчилари Ҳасан Ҳасанов, Эркин Қаҳҳоров ва Равшан Мавлонов иштирок этди.