Жума куни бўлиб ўтган Тошкентдаги Инҳа университетига кириш имтиҳонларида 1430 нафардан зиёдроқ киши қатнаши. «Газета.uz» мухбири имтиҳон жараёнини кузатиш имкониятига эга бўлди.

Имтиҳон ўтган йилдаги каби «Ўзкўргазмасавдо» Республика кўргазма-ярмарка марказида бўлиб ўтди. Мавжуд тажриба эвазига имтиҳон тадбирлари пухта ва тўхталишларсиз ташкил этилди.

2016−2017 ўқув йилида университетга 330 нафар талаба қабул қилиш режалаштирилган. Компьютер ва дастурий инжиниринг йўналишига 250 талаба, қўшимча равишда 80 нафари янги ташкил этилган логистика факультетига қабул қилинади.

Бир ўринга ўртача 4,3 абитуриент тўғри келди. Бу ўтган йилги бир ўринга 3,2 номзодга нисбатан 1,8 баробар кўп демакдир. Бунда компьютер ва дастурий инжиниринг факультетига танлов 3,76 нафарни ташкил этган бўлса, логистикага бир ўрин учун 6,15 номзод курашди.

«Имтиҳон жараёнини очиқ ва ошкора ташкил этишга қарор қилганимиз бу йилги янгиликлардан бўлди, — деди Тошкентдаги Инҳа университети ректори Шерзод Шерматов. — Биз имтиҳон жараёнини кўриш учун ОАВ вакилларини таклиф этдик. Шунингдек, жараённи онлайн тарзда ҳам кузатиш мумкин эди».

Абитуриентларнинг жавоблари махсус хатжилдларга солиниб, муҳрланди ва текшириш учун Жанубий Кореяга юборишга тайёрлаб қўйилди. Имтиҳон натижалари 12 август куни университет сайтида эълон қилинади.

Фото