Ярим йиллик натижаларига кўра, Ўзбекистонда инфляция даражаси 2,5 фоизни ташкил этди, дейилади Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жорий йил 15 январда бўлиб ўтган Республика Ҳукумати мажлисида белгилаб берган 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари изчил амалга оширилиши туфайли шу йилнинг биринчи ярмида мамлакатимизда мустаҳкам иқтисодий ўсишнинг юксак суръатларини сақлаш таъминланди», — қайд этилди ҳисоботда.

Аввал хабар қилинганидек, олти ой давомида мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,8 фоиз, саноат 6,7 фоиз, қишлоқ хўжалиги 6,8 фоиз, чакана савдо айланмаси 14,1 фоиз ўсди.

Ўзлаштирилган капитал қўйилмалар ҳажми 11,8 фоиз ва пудрат-қурилиш ишлари ҳажмини 17,5 фоизга ошди.

«Юқори иқтисодий ўсиш суръатларига ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси, давлат бюджетининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз профицити ва 2,5 фоизни ташкил қилган инфляция даражасининг пастлигини ифода этган макроиқтисодий мутаносибликни сақлаш орқали эришилди», — таъкидланади ҳужжатда.

Товар ва хизматлар экспорти ҳажмини 2,4 фоиз ошириш таъминланди. «Сўнгги йилларда иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш ва уларнинг рақобатбардошлигини оширишга доир чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилиши ҳамон сақланиб турган глобал инқироз ҳолатлари ва жаҳон бозоридаги нархларнинг мамлакат экспорт салоҳиятига салбий таъсирини сезиларли равишда камайтириш имконини берди», — дейилади ҳисоботда.