Тошкентда 20 июль куни Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида август-сентябрь ойларида бўладиган ХХХI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон спорт делегациясини кузатиш маросими бўлди.

ЎзА хабарига кўра, маросимда бош вазир Шавкат Мирзиёев ва Миллий олимпия қўмитаси раҳбари Мираброр Усмонов иштирок этиб, спортчиларга муваффақиятлар тилашди. Тадбирда, шунингдек, Олий Мажлис Сенатининг Раиси Ниғматулла Йўлдошев, Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ҳам иштирок этди.

2012 йили бўлиб ўтган Лондондаги мусобақаларда Ўзбекистондан 63 спортчи иштирок этган бўлса, бу йилги ўйинларда 100га яқин спортчи қатнашмоқда. Улар академик эшкак эшиш, бадиий гимнастика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бокс, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), теннис, трамполин, ўқ отиш, эркин ва юнон-рум кураши каби қатор спорт турлари бўйича баҳслашади.

Анъанага мувофиқ, спортчилар Мустақиллик ва эзгулик монументи, Амир Темур ва Алишер Навоий ёдгорликлари пойига гуллар қўйишди.

Спорт