Ўзбекистон олий таълим муассасаларига 663,2 мингдан зиёдроқ абитуриент ҳужжат топширди. Қабул кампанияси 20 июль куни якунига етди.

Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат тест маркази маълумотларига кўра, бир талаба ўрни учун 11,5 киши кураш олиб боради. Бакалаврлар қабул квотаси ўтган йилгидан тахминан 300 ўрин камроқ бўлиб, 57,6 мингни ташкил этади.

Энг кўп Термиз давлат университети (37,6 минг ариза, бир ўринга 20,45 номзод), Қарши давлат университети (26,3 минг, 18,88) ва Андижон давлат университети (25,9 минг, 18,28)га ҳужжат топширилди.

Бир ўринга энг кўп танлов Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалида қайд этилди — 24,8 киши.

Ўтган йили мамлакатдаги ОТМларга 606 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжат топшириб, бир ўринга 10,45 номзод кураш олиб борган эди.

Ўзбекистондаги барча 58 ОТМда (чет эл ОТМлари ҳисобга олинмаганда) тест синовлари 1 август куни бўлиб ўтади.