Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони йил бошидан 231,7 минг ёки 0,7 фоизга ошиб, 1 июль куни 31,807 миллион кишини ташкил этди. Ушбу маълумотлар Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати томонидан эълон қилинди.

Шаҳар аҳолиси сони 16,11 миллион (умумий аҳолининг 50,6 фоизи), қишлоқ аҳолиси — 15,697 миллион кишини (49,4%) кишини ташкил этди.

Январь-июнь ойларида мамлакатда 318 минг бола дунёга келиб, туғилиш коэффициенти 20,2 промилле (2015 йилдаги каби) бўлди.

Ярим йил мобайнида 73,9 минг ўлим қайд этилиб, ўлим коэффициенти 4,7 промиллени ташкил этди. Рўйхатга олинган ўлимларнинг 59,7 фоизи қон айланиш тизими касалликлари, 8,6 фоизи ўсимталар, 5,5 фоизи овқат ҳазм қилиш органлари, 6,3 фоизи нафас олиш органлари хасталикларидан, 5,6 фоизи эса бахтсиз ҳодисалар, заҳарланиш ва жароҳатлар туфайли содир бўлган.

Олти ой давомида бир ёшгача бўлган 3700 бола ҳаётдан кўз юмиб, гўдаклар ўлими 10 промиллени ташкил этди. 53,5 фоиз бир ёшгача болалар перинатал даврда вужудга келган ҳолатлардан вафот этган бўлса, 24,4 фоизи нафас олиш органлари касалликлари, 10,2 фоизи туғма нуқсонлар,3 фоизи инфекцион ва паразитар касалликлардан оламдан ўтди.

Ярим йил давомида ФҲДЁ органлари 92,4 минг никоҳ ва 14,8 минг ажримларни қайд этди. Никоҳ коэффициенти 5,9 промилле, ажрашувлар — 0,9 промиллени ташкил этди.

Январь-июнь ойларида республика бўйича кўчиб келганлар 72, минг, кўчиб кетганлар — 84,4 мингни ташкил этди. Миграция сальдоси минус 12,4 минг бўлди (2015 йил биринчи ярмида — минус 13,4 минг).