Тошкентнинг Сергели туманидаги автомобиль бозорида 14 июль куни махсус тактик ўқувлар ўтказилди, дея хабар қилди Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати сешанба куни. Машғулотлардан кўзланган мақсад зилзила ва ёнғин содир бўлганда аҳолига биринчи тиббий ёрдамни кўрсатиш ва уларни эвакуация қилиш бўйича ҳаракатларни ўқитишдан иборат бўлди.

Машғулотларда бозор маъмурияти, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва ёнғин хавфсизлиги хизматлари, шунингдек, туман тиббий ёрдам хизмати вакиллари иштирок этди.

Ўқувлар вақтида мўлжалга кўра маъмурий бинода аввал зилзила содир бўлиб, сўнгра ёнғин чиқди. Бозор ходимлари ва моддий қимматликлар, шунингдек, автотураргоҳдаги аҳоли ва транспортлар хавфсиз жойга эвакуация қилинди. Турли хизматлар томонидан ёнғин бартараф этилди.

Машғулотлар мобайнида Тошкент Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув отряди эга бўлган замонавий авариявий-қутқарув жиҳозлари ва ускуналари ҳам намойиш этилди.