Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев душанба куни Олмаотадаги вазият бўйича Хавфсизлик кенгашининг тезкор йиғилишини ўтказди.

Шаҳарда эрталаб содир этилган отишма натижасида тўрт киши, жумладан уч полициячи ҳаётдан кўз юмди. Яна саккиз киши жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди. Ҳужум қилган шахслар қўлга олингандан сўнг (улар сони икки нафарни ташкил этади) Олмаотадаги қизил террористик хавф даражаси сариққа қадар туширилди.

Нурсултон Назарбоев вафот этганлар ва жароҳатланганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдириб, уларга давлат ёрдамини кўрсатишга буйруқ берди.

Президент ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига шаҳарда тартибни сақлаш, айниқса одамлар оммавий тўпланадиган жойларни ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришга буюрди.

Шунингдек, у аҳолини ахборий муҳитдаги эҳтимолий ташвиқотларга берилмасликка чақирди. «Олмаота аҳолисини мунтазам равишда хабардор қилиб бориш ва умумий жамоат тартибини сақлаш лозим. Саросимали миш-мишларга кескин барҳам бериш ва ташвиқотчиларни фош этиш муҳим. Олмаота ва бутун республикадаги фуқаролар шунга амин бўлишлари керакки, тартибни сақлаш учун энг қатъий чоралар кўрилади», — деди Қозоғистон Президенти.

Нурсултон Назарбоев ички ишлар вазирига ҳодиса жойига бориш ва Олмаота ҳокими билан биргаликда шаҳардаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича чораларни кўриш вазифасини топширди. Ахборот ва коммуникация вазирига эса аҳолини тўлиқ хабардор қилиш, фуқароларнинг барча мурожаатларига тезкор жавоб қайтариш буйруғини берди.