Ғарбий Тянь-Шань минтақаси ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилди. Мазкур қарор Жаҳон мероси Қўмитасининг Истанбулдаги 40- сессиясида тасдиқланди, дея хабар бермоқда ташкилот матбуот хизмати.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон томонидан тақдим этилган трансчегаравий табиий объект Тянь-Шань Марказий Осиё тоғ тизими қисми бўлиб, дунёдаги энг йирик етти тоғ тизимидан бири ҳисобланади. Ғарбий Тянь-Шаннинг турли қисмлари баландлиги 700 метрдан 4503 метргачани ташкил этади.

Тянь-Шань тоғларидан ташқари яна бешта табиий объект: Хитойнинг Хубэй провинциясидаги Шэньнунцзя ўрмон ҳудуди, Канададаги тош қотган Мистейкен Пойнт экоқўриқхонаси, Мексика ҳавзасидаги Ревилья-Хихедо архипелаги, Суданнинг Мековар оролларидаги «Санганеб» ва «Дунгонаб Бухтаси» миллий денгиз қўриқхонаси ҳам Жаҳон мероси рўйхатига киритилди.

Шунингдек, рўйхатдан Чаддаги Эннеди платоси тоғ ландшафти ва Ироқдаги Месопатамия ботқоқлиги табиий-маданий объектлари ҳам ўрин олди.