Корея Республикаси ахборот технологиялари саноатини рағбатлантириш миллий агентлиги (NIPA), Корея Савдо ва Инвестицияларни қўллаб-қувватлаш агентлиги (KOTRA), «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази ва Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети эркин ва очиқ дастурий таъминот (ЭОДТ)ни ривожлантириш бўйича меморандум имзоланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳужжат «NIPA» Президенти Юн ДжонгЛок, «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази директори Шерзод Ҳабибуллаев, ТАТУ ректори Ўткир Ҳамдамов ва IUT ректори Шерзод Шерматов томонидан имзоланди. Мазкур меморандум эркин ва очиқ дастурий таъминот масалалари бўйича ўтказилган Ўзбекистон-Корея форумидаги давра суҳбати натижаларига кўра имзоланди.

Меморандум ЭОДТдан фойдаланишни ва ўқитишни рағбатлантириш бўйича ўзаро ҳамкорлик асосларини яратиб, мазкур йўналишда муҳандисларни тайёрлашга хизмат қилади. Томонлар электрон ҳукумат тизимида ЭОДТни жорий этиш ҳамда турли тренингларни ташкиллаштириш орқали кадрларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди.