Ўзбекистон ҳукуматининг 11 июлдаги қарорига (PDF) мувофиқ, Фанлар академияси бошқарув аппарати тузилмасига ўзгартишлар киритилди.

Вице-президентлар сони биттага қадар қисқартирилди (ФА сайти маълумотларига кўра, улар сони ҳозирда учта — физика, математика ва техника фанлари бўйича, табиий фанлар бўйича ва ижтимоий гуманитар фанлар бўйича вице-президентлар).

Вице-президент Илм-фан тармоқлари бўйича илмий-техник дастурлар шакллантирилишини мувофиқлаштириш ва амалга оширилиши мониторингини олиб бориш бўлими фаолиятига масъул қилинди.

ФА тузилмасида бош илмий котиб масъуллиги остида Йиғма таҳлил ва илмий тадқиқотлар натижаларини баҳолаш шўъбаси ҳам фаолият олиб боради.

Халқаро бўлим вазифасини Халқаро илмий алоқаларни мувофиқлаштириш бўйича мутахассис бажарадиган бўлди.

Қарорда қайд этилишича, ФА бошқарув аппарати тузилмасини оптималлаштириш академия фаолияти самарадорлигини ошириш, илмий вакадрлар салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясини кучайтиришни таъминлашга қаратилган.