Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиши 7,8 фоизни ташкил этди. ЎзА хабарига кўра, бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 15 июлдаги йиғилишида маълум қилинган.

Олти ой мобайнида саноат ишлаб чиқариш ҳажми 6,7 фоиз, қурилиш ишлари — 17,5 фоиз, хизмат кўрчатиш — 12,9 фоизга ўсди. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,8 фоизга ошди.

Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдоридаги профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади.

Банклар жами капитали 23,3 фоизга ва депозитлар 27,7 фоизга, иқтисодиётни кредитлаш ҳажмлари 26,2 фоизга кўпайди. Барча банк кредитларининг қарийб 80 фоизи инвестиция мақсадларига берилган узоқ муддатли кредитлардир.

Йил бошидан буён 462,5 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди. Уларнинг 276,7 мингтаси ёки 59,8 фоизи қишлоқ жойлардадир.

«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасидаги тадбирларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобига 4,4 триллион сўмдан кўп ва 111 миллион доллар миқдорида маблағлар йўналтирилди.

Ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмларини 11,8 фоизга, шу жумладан, хорижий инвестициялар ва кредитларни 17,2 фоизга кўпайтириш таъминланди.

Ярим йил мобайнида жами қиймати 1,9 миллиард АҚШ доллари бўлган 43 та ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилди. Умумий қиймати 3,4 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 72 та янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бошланди. Маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари 1,5 бараварга ошиши таъминланди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида хусусий мулкка қарийб 267,5 миллиард сўм миқдорида инвестиция мажбуриятлари қабул қилган ҳолда 305 та давлат активлари сотилди. Ўтган даврда хорижий инвесторларга 30 та акциядорлик жамиятидаги улушлар сотилди. Устав фондларида давлат улушига эга бўлган акциядорлик жамиятлари сони 2015 йилнинг шу давридаги 374 та ўрнига 202 тагача қисқарди.