Хива шаҳридаги «Ичан қалъа» давлат музей-қўриқхонасида «Рақс сеҳри» халқаро фестивали бошланди, дея хабар бермоқда ЎзА.

«Рақс сеҳри» халқаро фестивали ўзбек рақс санъатининг тарихий анъаналарини, халқимизнинг шарқона фазилатлари ва маънавиятига мос рақсларни тарғиб этишга қаратилган.

Фестивалда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан рақс гуруҳлари ва ансамбллари, бир қатор хорижий давлат санъаткорлари иштирок этмоқда.

«Хоразм рақсларида кўҳна заминнинг тарихи, урф-одатлари, анъаналари акс этади, — дейди Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубова. — Азал-азалдан рақс сўзсиз қўшиқ, дея эътироф этилган. Хоразм рақсларини бир неча гуруҳга бўлиш мумкин. „Лазги“, „Қайроқ“, „Анахита“, „Зумлак“ рақслари тарихий, „Сумалак сайли“, „Галин саломи“, „Қизлар базми“, „Лачак“ рақслари миллий урф-одатлар, „Этикдўз“, „Чўгирма“, „Сартарош“, „Қизлар баҳси“ ва „Қумпишиги“ рақслари турмуш тарзи акс этган рақслар гуруҳига киради».

Фестиваль доирасида «Ўзбекистон рақс санъати тарихи» фотокўргазмаси, маҳорат сабоқлари, ижодий учрашувлар, театрлаштирилган томошалар, миллий либослар кўргазмаси, миллий таомлар танлови ва бошқа тадбирлар ўтказилмоқда.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, «Ўзбектуризм» миллий компанияси, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.