Пойтахтнинг Чилонзор туманида эски кўчалардан бири, сайёрамиздаги биринчи космонавть ёдгорлиги пойидан бошланувчи Гагарин кўчасини реконструкция қилиш ишлари бошланди.

Ярим йил муқаддам кўча шундай кўринишда эди.

Сўлим хиёбон ва кўплаб ўриндиқларга эга мазкур кўча шу атрофда яшовчи фуқароларнинг севимли хордиқ масканига айланиб улгурган. Ўтган йилнинг кузида ушбу кўчага ташриф буюрган Чилонзор ҳокими фуқароларга унинг реконструкцияси туманни 2016 йилда ободонлаштириш режасига киритилишига ваъда берган эди.

Чилонзор ҳокимияти вакилининг маълум қилишича, кўчани реконструкция қилиш ишлари июль охирига қадар тугалланиши лозим. Ҳозирда бу ерда бетон плиталарни йиғиб олиш ишлари амалга оширилмоқда. Хиёбон четларига майсазор ётқизилади.

Ҳозирда янги кўча фонуслари ўрнатилмоқда, ўриндиқлар ҳам янгиланади. Автобус бекати эса ойна тўсиқлар билан ўралиб, ёпиқ типга айлантирилади.

Кўча бўйлаб жойлашган уйларнинг ташқи томонини таъмирлаш, улар қиёфасига ярашмайдиган объектларни демонтаж қилиш ишлари бошланди.

Гагарин майдонининг ўзи ҳам янгиланмоқда. Космонавит ёдгорлиги атрофидаги монумент кўринишини бекитиб турган дўкон ва ошхоналар ҳам бузилмоқда.