Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Жак-Анри Эльс Тошкентда Бастилия ишғол қилинган кун муносабати билан 14 июлда ташкиллаштирилган маросимда ўзининг дипломатик миссияси якунланаётгани тўғрисида маълум қилди, дея хабар қилди «Туркистон-пресс» НАА.

«Сиёсий жиҳатдан икки томонлама маслаҳатлашувларимизни ташқи ишлар вазирлари даражасида давом эттирдик. Иқлим бўйича 21- конференцияга тайёргарлик ва ўтказиш ишлари сабабли 2015 йилдаги танаффусдан сўнг уларни келаётган кузда қайта йўлга қўйишдан умид қилмоқдамиз», -деди Жак-Анри Эльс.

Элчининг таъкидлашича, у фаолият олиб борган уч йил давомида Ўзбекистонга кўп сонли француз савдо делегациялари, жумладан, 2014 ва 2016 йилларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ҳамда 2015 йил июнда MEDEF тадбиркорлар ҳаракати делегациялари ташриф буюрди.

2015 йил июнида Ўзбекистон пойтахтида тил ривожи ва икки мамлакат университетлари ҳамкорлигига хизмат қилувчи «Тошкент Француз альянси» очилди. Майда эса «Француз альянси» президенти Жером Клеман ташкилотни расман очиш ва альянснинг Бухородаги ваколатхонасини очишни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрди. Мазкур ташкилот бугунги кунда бутун дунёдаги 800 дан ортиқ бўлимларни бирлаштиради.

Париж ва Тошкент консерваториялари ўртасидаги ҳамкорлик, Ўзбекистонда Халқаро жаз фестивалининг ўтказилиши, француз дирижёрларининг ташрифи ва Феруза Абдураҳимова бошчилигидаги «Сўғдиёна» миллий чолғу асбоблари оркестри билан ҳамкорлиги маданий тадбирлар дастуридан ўрин олди. Турли хил концертлар, жумладан, кўча цирки намойишлари ўтказилди.

Жак-Анри Эльс икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда фаол иштирок этган ўзбек ҳамкорларига ўз миннатдорчилигини билдирди.