Япониянинг Toyoko Inn компанияси Тошкентнинг тарихий марказида жойлашган «Чорсу» меҳмонхонасини реконструкция қилиш ва фойдаланишга топшириш масалаларига қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда «Ўзбектуризм» Миллий компанияси матбуот хизмати хабар қилди.

Toyoko Inn вакиллари бошқарув аъзоси К. Моринака раҳбарлигида 12−14 июль кунлари Ўзбекистонда бўлди.

Toyoko-Inn уч юлдузли бизнес-меҳмонхоналар қуриш билан шуғулланиб, Франция, Корея Республикаси, Филиппин ва Камбожа каби давлатларда 200 дан зиёд меҳмонхоналарга эга.

Компания Франкфурт, Москва, Нью-Йорк, Чикаго ва Торонто каби шаҳарлардаги мавжуд меҳмонхоналарни реконструкция қилиб, янгиларини бунёд этиш билан ҳам шуғулланади.

23 қаватли «Чорсу» меҳмонхонаси 450 хонага эга бўлиб, Тошкент рамзларидан бирига айланган, дейиш мумкин. Меҳмонхона мажмуаси шу номдаги майдонда 1982 йилда фойдаланишга топширилган. Унинг илк номи — «Москва».

2000- йиллар аввалида мажмуа реконструкция муносабати билан ёпилган. Туркия ва Жанубий Корея компаниялари ҳам унинг реконструкциясига қизиқиш билдирган, аммо тиклаш ишлари амалга оширилмай қолган эди.