Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 15 июль куни Оқсаройда Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (АIBА) президенти Чинг-Куо Вуни қабул қилди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Чинг-Куо Ву АIBА Ижроия қўмитасининг Тошкентда ўтаётган мажлисида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди. Мазкур спорт форуми Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси учун Бразилияда бўладиган Олимпия ўйинларига тайёргарликнинг якуний босқичи ҳисобланади.

Ислом Каримов АIBА ва унинг раҳбари Чинг-Куо Ву ўзининг муносиб хизмати билан дунёда кенг тарқалган боксни ва, умуман, Олимпия ҳаракатини ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлади.

Чинг-Куо Ву Ўзбекистоннинг жаҳон спорт майдонида обрўси ортиб бораётганини юксак баҳолади. Ўзбекистон спортида бокс алоҳида ўрин эгаллайди. 2014−2015 йилларда мамлакатимизнинг барча ёш ва вазн тоифасидаги чарм қўлқоп усталари турли даражадаги 269 медалга сазовор бўлди.

Ўзбекистонда халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақалар ва бокс турнирлари мунтазам ўтказилмоқда. 2015 йилнинг 7−14 июнь кунлари АIBА шафелигида пойтахтимизда ўтказилган бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионатида мамлакатимиз спортчилари 7 олтин ва 6 бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Оқсаройдаги учрашувда Ўзбекистонда ҳаваскорлик боксини ривожлантириш, мамлакатимизнинг АIBА билан самарали ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш истиқболлари ҳақида фикр алмашилди.

Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси раҳбари Президент Ислом Каримовга самимий қабул ҳамда Ўзбекистонда спортни, жумладан, боксни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентига спорт ва олимпия ҳаракатини ривожлантириш ҳамда оммаллаштириш йўлидаги улкан хизматлари учун, шунингдек, боксни халқаро ва миллий даражада ривожлантириш борасидаги фидокорона меҳнати эътирофи сифатида АIBАнинг юксак мукофоти — «Хизматлари учун» ордени топширилди.