ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси қўмитаси Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри тарихий марказини хавф остидаги Жаҳон мероси объектлари рўйхатига киритди.

Бундай қарор қўмитанинг 10−20 июль кунлари Истанбулда бўлиб ўтаётган 40-сессиясида Шаҳрисабзнинг тарихий марказида «сайёҳлик инфратузилмаларининг ҳаддан зиёд ривожланаётгани» муносабати билан қабул қилинди, дея хабар бермоқда ЮНЕСКО сайти.

Шаҳрисабзнинг ёши 2000 йилдан ошадиган тарихий маркази 2000 йилда ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган эди. Бу ерда мазкур шаҳарнинг кўп асрлик тарихидан дарак берувчи машҳур архитектура ёдгорликлари ва бутун бошли қадимий мавзелар тўпланган. Мазкур ёдгорликлар ва мавзелар шаҳарнинг Амир Темур ва темурийларнинг XIV-XV асрлардаги гуллаб-яшнаган даврига тааллуқли, дейилади ЮНЕСКО сайтида объектларга тасниф берилар экан.

Хавф остидаги Жаҳон мероси рўйхати бутун инсоният учун умумий қадр-қийматга эга объектлар муҳофазасига эътиборни жалб этиш мақсадида шакллантирилган. Айни пайтда 49 объект мазкур рўйхатдан ўрин олган.

Жаҳон мероси Қўмитасининг 13 июлдаги йиғилишида шаҳар марказидаги Жаҳон мероси объектлари ҳисобланган мавзелардаги биноларнинг бузилиши ва замонавий объектлар, жумладан меҳмонхона ва бошқа иншоотларнинг қурилиши тарихий Шаҳрисабзнинг ташқи қиёфасида қайтариб бўлмас ўзгаришларга сабаб бўлгани муносабати билан хавотир билдирилди, дейилади ташкилот хабарида.

Қўмита ЮНЕСКО Жаҳон мероси маркази ҳамда Ёдгорликлар ва тарихий жойларни муҳофаза қилиш бўйича халқаро кенгаш (ИКОМОС)га Ўзбекистонга йўқотишлар ҳажмини баҳолаш ва вазиятни ўнглаш бўйича зарур чора-тадбирларни таклиф этиш мақсадида ҳамкорликдаги миссияни жўнатиш вазифасини топширди.