Фарғонада сайғоқларнинг йирик миқдордаги шох ва терилари контрабандасига бўлган уриниш фош қилинди. Бу ҳақда Фарғона вилоят Табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Бошқарма ходимларининг Миллий хавфсизлик хизмати вакиллари билан хамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида Фарғонадаги омборлардан биридан 468 дона сайғоқ шохи, 72 дона мазкур турдаги шохлар бўлаклари, бундан ташқари 170 дона тери яширин равишда сақланаётгани аниқланди.

Суриштирувлар давомида аниқланишича, ноқонуний равишда олиб чиқишга мўлжалланган ушбу ноёб маҳсулотлар ва терилар Сўх туманида истиқомат қилувчи фуқарога тегишли бўлиб чиқди. Дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг нархи салкам 148 млн сўмни ташкил қилади.

Сайғоқ миллий ва халқаро «Қизил китоб"га киритилган бўлиб, уни овлаш 1992 йилдан бошлаб қатъиян ман қилинган. Сайғоқ сонининг қисқариш тезлиги жиҳатидан сут эмизувчилар орасида ўзига хос «рекордчи» ҳисобланади — сўнгги 25 йил давомида ушбу жониворлар 95 фоизгача қисқарган.

Камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи ҳайвонларни табиий муҳитдан олиш Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг розилигига биноан, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатномалар асосида амалга оширилади. Тери хомашёсини Ўзбекистондан олиб чиқиш таъқиқланади.