13 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Парламент аъзолари ўз ишларини янги таҳрирдаги «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама этишдан бошладилар. Ушбу қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи тартибида бир гуруҳ депутатлар томонидан киритилган.

Қонундан кўзланган асосий мақсад ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни такрор кўпайтириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Бу ўсимлик дунёсининг турлари таркибини ҳамда биологик хилма-хилликнинг таркибий қисми сифатида ўсимлик дунёсининг генетик фондини табиий шароитларда сақлаб қолиш борасидаги вазифаларни амалга оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари, қонуннинг қабул қилиниши ўсимлик дунёси объектларининг турлари камайиб бориши ёки йўқолиб кетишининг олдини олиш ва сабабларини бартараф этишга, улардан илмий асосланган ҳолда оқилона ва барқарор фойдаланилиши ҳамда такрор кўпайтирилишини таъминлашга, юридик ва жисмоний шахсларнинг ушбу соҳадаги фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга хизмат қилади.

«Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишни ташкил этишнинг ҳозирги вақтга қадар кўп жиҳатдан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинган механизмларини эндиликда қонун ҳужжатлари билан самарали тартибга солиш таъминланади, — дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал- демократик партияси фракциясининг аъзоси Э.Холбўтаев. — Шунингдек, қонун лойиҳаси биологик хилма-хилликнинг ажралмас қисми сифатида ўсимлик дунёсининг кенг кўламли муҳофаза қилинишини, ваколатли давлат органлари ва муассасаларнинг ушбу соҳадаги фаолиятининг ошкоралигини таъминлайди».

«Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш масалаларининг бугунги жамият учун долзарб эканлигидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилди, — дейди Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг аъзоси С.Самойлов. — Қонун лойиҳасида давлат сиёсати ва бошқарувининг ушбу соҳадаги асосий йўналишларини белгилашга кўмаклашадиган янги ҳуқуқий нормаларни мустаҳкамлаб қўйиш назарда тутилмоқда».

Депутатнинг қўшимча қилишича, мазкур ҳужжатда ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш турлари, ўсимлик дунёсининг ноқонуний равишда йиғилган ва тайёрланган объектларини олиб қўйиш ҳамда мазкур соҳадаги низоларни ҳал этиш тартиби, ёввойи ўсимликларни Ўзбекистондан олиб чиқиш ва мамлакатга олиб кириш қоидалари ва шартлари аниқлаштирилмоқда.