Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) 11 июль куни KOICA`нинг «Кўп профилли болалар тиббиёт маркази ва 4-даражали кўп профилли ихтисослашган шифохона тиббиёт ходимлари малакасини ошириш марказини ташкил этиш» лойиҳасини амалга ошириш учун муҳокама протоколини имзолади. Бу ҳақда Тошкентдаги KOICA ваколатхонаси маълум қилди.

Бюджети 7 млн АҚШ доллари бўлган лойиҳа беш йил давомида (2016−2020 йиллар) амалга оширилади. Тиббиёт бўйича инновацион марказни ташкил этишдан кўзланган мақсад педиатрияда тиббиё ёрдам сифатини ошириш, педиатрия йўналиши мутахассисларининг жарроҳлик, тадқиқотлар таълими ва уларни ўтказиш бўйича қобилиятларини ошириш; шунингдек, касаллик ва ўлим даражасини камайтиришдан иборат. Лойиҳа доирасида Жанубий Корея ва Ўзбекистонда мастер-класслар ўтказиш режалаштирилган.

Кўп профилли болалар тиббиёт маркази 2017 йилда Тошкентда 102,846 млн долларлик имтиёзли заём ажратган Корея Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) билан ҳамкорликда бунёд этилади. Ўзбекистоннинг лойиҳадаги улуши эса 27,73 млн долларни ташкил этиб, унинг 20,78 млн доллари — солиқ ва божхона имтиёзлари кўринишидадир. Марказ 250 ташриф учун 280 койка-ўрнига эга бўлиб, бу ерда йилига 1500 жарроҳлик амалиёти ўтказилади.