Ўзбекистонда Европанинг Arte телеканали учун «Буюк ипак йўли ва бошқа мўъжизалар» ҳужжатли фильмини тасвирга олиш ишлари бўлиб ўтади.

Электрон ОАВ миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА) хабарига кўра, фильм ҳар бири 26 дақиқалик 15 қисмдан иборат бўлади. Ўзбекистонда унинг уч қисми суратга олинади.

Фильмда Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Марғилон шаҳарлари ҳақида ҳикоя қилиниб, Ўзбекистон халқининг анъана ва урф-одатлари намойиш этилади.

Тасвирга олиш ишлари Франциянинг Electron libre Productions телестудияси томонидан ЎзЭОАВМА ҳамда «Ўзбектуризм» Миллий компанияси кўмагида олиб борилади.