12−16 июль кунлари Тошкентдаги Ўзэкспомарказда биринчи Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси бўлиб ўтади. Аввал хабар қилинганидек, уни ўтказиш Ўзбекистон Президентининг 1 июндаги қарорида белгиланган эди. Келгуси йилдан бошлаб ярмарка ҳар йилнинг октябрида ўтказилади.

Тадбир ташкилий қўмитасининг «Газета.uz"га хабар қилишича, ярмарка ишида хорижий қайта ишлаш ва савдо компаниялари, халқаро савдо ташкилотлари, савдо-саноат палаталари, қишлоқ хўжалиги секторидаги вазирлик ва маҳкамалари, шунингдек, 40 дан ортиқ давлатларнинг логистика компаниялари вакиллари иштирок этади.

Ўзбекистондан 150 дан зиёд ташкилотлар, маҳкамалар, логистика ва бошқа компаниялар вакиллари иштирок этади. 100 га яқин экспортёрлар ярмаркада янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини намойиш этади.

Ярмарка доирасида экспортёрлар ва ўзбек мева-сабзавот маҳсулотлари истеъмолчилари ўртасида давра столлари ва музокаралар ўтказиш, интенсив боғлар, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича корхоналар, музхона комплекслари ва бошқа объектларга ташрифлар ташкил этилади.

Ярмарка «Ўзбекозиқовқатхолдинг», «Ўзагроэкспорт» компаниялари ва Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси маъмурияти томонидан «Ўзбеквиносаноат-холдинг» ва «Ўзбекозиқовқатзахира» ассоциацияси билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Ўзбекистонда йилига 17 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Уларнинг 4 миллион тоннасидан зиёдроғи экспорт қилинмоқда. Азалдан ташқи бозорларда янги ва қуритилган узум, анор, гилос, қовун-тарвуз, ўрик ва шафтоли, олхўри ва олма, помидор, пиёз, карамга бўлган талаб кучли.

Ўтган йили Ўзбекистонда 12,592 миллион тонна сабзавот ва картошка, 2,731 миллион тонна мева, 1,85 миллион тонна полиз маҳсулотлари ва 1,556 миллион тонна узум етиштирилди. Авваллари мева-сабзавот асосан Россия ва Қозоғистонга экспорт қилинган бўлса, ҳозирда Европа ва Осиё бозорларида ҳам миллий маҳсулотларга бўлган талаб ошиб бормоқда. Сўнгги беш йил ичида Норвегия, Таиланд, Вьетнам, Малайзия, Индонезия, Бразилия, Кипр, Македония, АҚШ ва бошқа давлатлар ҳисобига етказиб бериш географияси кенгайди.