Швейцариялик Магали ва Дэвид 365 кунлик таътил олиб, Истанбулдан Сиднейга қадар саёҳатга йўлга чиқишди. Сафарни апрелда бошлаган сайёҳлар июль аввалида, саёҳатнинг 90- куни Ўзбекистонга, йўналиш бўйича олтинчи давлатга етиб келди.

Пойтахтда бир муддат бўлган жуфтлик ғарбга — Хивага отланди, шундан сўнг тарихий ёдгорликлар, маданият, турмуш тарзи ва маҳаллий ошхона билан танишиш учун Қорақалпоғистоннинг Хоразм билан чегарадош туманларида бўлди. Навбатда — Бухоро ва Самарқанд.

Магали ва Дэвид ўз сафари тўғрисида 365daysoff.ch («365 кунлик таътил») блогида ҳикоя қилиб, фото ва видеороликлар жойлаштириб бормоқда.

Тошкент ҳақидаги таассуротларини бўлишар экан, швейцарлар уни «замонавий ва жуда тоза шаҳар» деб атаган, мамлакатга кириш эса улар учун интернетда ёзилганчалик даражада мураккаб эмаслигини таъкидлаб ўтишган. «Ҳеч ким биздан телефон ва ноутбуклардаги фото ва видеолар ёки ўзимиз билан олган дорилар ҳақида сўрамади», — деб ёзади сайёҳлар.

Уларга Қорақалпоғистондаги қадимий қалъалар, Тошкентнинг эски қисми ҳамда иссиқ ҳавода чанқоқни қондирадиган компот энг кўп маъқул бўлди.

Хивада Магали ва Дэвид велосипедда ҳаракат қилишди. «Анчадан буён автомобиль тақиқланган жойда бу қадар завқланмаган эдик», — дейилади Хива бўйлаб велосаёҳат ёзилган 360 даражали видео қайдида.