«Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти таркибидаги пахта тозалаш корхоналари ва тайёрлов масканларида фермер хўжаликларидан келтирилаётган пахта хом ашёсини тўғри ва тезкор ўлчаш, сифатли текшириш ҳамда қабул қилиш мақсадида замонавий электрон тарозиларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси матбуот хизмати хабар қилди.

Мазкур тизим инсон омили таъсирида йўл қўйилаётган хато ва камчиликларга барҳам бериш, фермер хўжаликлари томонидан келтирилган пахта вазнини ўлчаш вақтини камайтириш, аниқлигини ошириш, жараёнда шаффофликни таъминлаш ва хом ашё кўрсаткичлари ҳақида тезкор маълумотлар олиш мақсадида жорий этилмоқда.

«Пахтани қабул қилиш, тортиш, сифат кўрсаткичларини аниқлаш ва қайд этиш учун махсус электрон дастур яратилди. Сўнгги русумдаги хориж технологиялари, ўчлов асбоблари, электрон таблолар келтириб, ўрнатилмоқда. Бу жараёнлар шаффофлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир нуқтага кузатув камералари ўрнатилди. Олинган маълумотлар Марказий тармоқда йиғилади, жараён тўғридан-тўғри кузатиб турилади», — дейди мазкур жараёнга жалб этилган «ASI» МЧЖ директори Николай Абрамов.

Замонавий электрон тарозиларни ўрнатиш ишлари жорий йилнинг 1 августигача республикадаги барча пахта тозалаш корхоналари ва тайёрлов масканларида олиб борилади.