АҚШлик афсонавий альтрамарофончи Дин Карнасис 1 июль куни Буюк ипак йўли йўналиши бўйича 525 километрлик югуришини бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Паралимпия ассоциацияси матбуот хизмати хабар қилди.

Тошкентдан Бишкек ва Олмаотагача 11 кун давом этадиган марофон Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган.

Марафон бошланишидан олдин пойтахтнинг Юнусобод туманидаги Минор масжиди олдида Миллий паралимпия ассоциацияси вакиллари ва АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Памела Спратлен сўзга чиқиб, Карнасисга оқ йўл тилашди.

Дин Карнасиснинг ўзи эса Ўзбекистонга меҳмондорчилик учун миннатдорчилик билдириб, Тошкентнинг гўзал масканлари бўйлаб ўтишидан мамнунлигини айтиб ўтди.

Шундан сўнг Ўзбекистон паралимпия термаси аъзолари ва Америка элчихонаси ходимлари Дин Карнасисни Қозоғистон чегарасига қадар кузатиб қўйишди.

Қайд этиш жоизки, Карнасиснинг кўп сонли ютуқлари орасида уч кеча давомида уйқусиз 563 километр масофани югуриб ўтгани эсга олинади. У 49 даража иссиқда Ўлим водийси, шунингдек, 40 даража совуқда Жанубий қутб бўйлаб марофонни амалга оширган.

Фото