Бухорода коллеж ва лицей ўқувчилари ўртасида «Ёш қутқарувчи» мусобақасининг финал босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz"га БМТТДнинг «Табиий офатлар хавфини бошқариш бўйича Ўзбекистон Республикаси имкониятларини бошқариш» лойиҳаси матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан келган 112 нафар ўсмир ўғил ва қиз аҳолини фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш, шифокоргача биринчи ёрдам кўрсатиш, турли хил аслаҳа-анжомлардан фойдаланиш ва қисқа муддатда муҳим қарорларни қабул қилиш каби қобилиятларини намоён этишди.

Тошкент, Қорақалпоғистон ва барча вилоятлардан келган 14 жамоа бешта шарт бўйича беллашди. Турнирда Бухоронинг «Шижоат» жамоаси биринчи, Тошкент вилоятининг «Кимёгар» ва Тошкентнинг «Фидокор» жамоаси учинчи ўринни эгаллади.

«Мазкур мусобақада иккинчи марта иштирок этаяпман ва бундан жуда хурсандман. Бу ерда ФВВ қутқарувчилари эга бўлган кўникмаларни ўзлаштирамиз», — деди ғолиб жамоа етакчиси Акмал Турсунов.

Мусобақа Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ташкил этилди. Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури ва Европа Комиссиясининг Гуманитар ёрдам ва фуқаро муҳофазаси департаменти Офатларга тайёргарлик DIPECHO IX дастури молиявий ёрдам кўрсатди.