Шу кунларда Хитойнинг Пекин, Шанхай ва Сиан шаҳарларида «Ўзбек киноси кунлари» фестивали ўтказилмоқда. Маданий тадбирнинг тантанали очилиш маросими эса 28 июнь куни Пекин шаҳрида бўлиб ўтди.

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги матбуот хизматининг «Газета.уз"га хабар беришича, маросимда ХХР Матбуот, ноширлик, радиоэшиттириш, кинематография ва телевидение ишлари бўйича Давлат бош бошқармаси бошлиғи Чжан Хунсэн, «China Film Promotion» компанияси раҳбари Жияо Ванг Фен ҳамда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Бош директори Атабек Мусаев бошчилигидаги ўзбек делегацияси иштирок этди.

Фестиваль режиссёр Ёлқин Тўйчиевнинг «Ҳаётда…» фильми билан очиб берилди. Фестиваль доирасида эса Ўзбекистон киноижодкорлари томонидан тасвирга олинган «Қудуқ», «Виждон», «Ота», «Тубанлик», «Сеҳрли қалпоқча» номли бадиий фильмлар намойиш этилади.

Тадбирлар доирасида кинематография йўналишидаги алоқаларни янада мустаҳамлаш, ҳамкорликда кинофильмлар ишлаб чиқариш, кинематография объектларини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жихозлаш бўйича Хитой Халқ Республикаси Маданият вазирлиги, Матбуот, ноширлик, радиоэшиттириш, кинематография ва телевидение ишлари бўйича Давлат бош бошқармаси ҳамда бир қатор йирик киностудиялар раҳбарлари билан музокаралар олиб бориш кўзда тутилган.