РИА Новости — Истанбул аэропортига уюштирилган ҳужум оқибатида 36 киши ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда Ассошиэйтед Пресс агентлиги юқори лавозимли турк амалдорига асосланган ҳолда. Сўнгги маълумотларга кўра, 147 киши жароҳатланган.

Сешанба куни 22:00 атрофида Истанбулдаги Отатурк аэропортининг кириш, чиқиш ва халқаро терминалдаги автомобиль турар жойида уч маротаба портлаш содир бўлди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, портлашлардан аввал уч террорист одамларга қарата қуролдан ўқ узган.

Hurriyet Daily News маълумотларига кўра, Отатурк аэропортига уюштирилган ҳужумдан сўнг самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш тўхтатилган. Эрталабки 2 лар атрофида эса парвозлар қайтадан йўлга қўйилди.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон терактлар муносабати билан мамлакатда терроризм билан охиригача кураш олиб борилишини маълум қилиб, жаҳон ҳамжамиятини терроризмга қарши ҳал қилувчи курашга чақирди.

«Муқаддам Рамазон ойида содир бўлган ушбу ҳужум терроризм эътиқод ва қадр-қиммат танламаслигини ва террористларга кимларнинг қурбон бўлаётгани аҳамиятсиз эканини кўрсатади», — деди Туркия раҳбари.

Хабар 11:40 да янгиланди.