Тошкент ахборот технологиялар университети (ТАТУ) абитуриентлар қабул комиссиясига интернет орқали ҳужжат топшириш мумкин бўлган Ўзбекистондаги биринчи ОТМ бўлди.

Ҳужжатларни топшириш бўйича синов хизмати Ўзбекистон Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ишга туширилди.

Хизматдан фойдаланиш учун ЯИДХП орқали рўйхатдан ўтиш ва электрон рақамли имзо калитига эга бўлиш талаб қилинади.

Ариза топшириш учун паспортнинг электрон нусхаси, тегишли таълимни тугатганлик ҳақидаги ҳужжат (аттестат, диплом) ҳамда 3,5×4,5 ҳажмли фотосурат зарур.

Ҳужжатлар қабул қилингани тўғрисидаги билдиришнома 10 кун муддат ичида давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинети ва/ёки электрон почта орқали юборилади.

Эслатиб ўтамиз, барча ОТМ қабул комиссиялари 20 июлга қадар ҳужжатларни қабул қилади.

ЯИДХПнинг хабар қилишича, синов лойиҳаси муваффақиятли тарзда апробациядан ўтганидан сўнг ҳужжатларни масофадан топшириш мамлакатдаги барча олий таълим муассасаларида жорий этилади.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистондаги хорижий ОТМ филиаллари мазкур хизматни аллақачон йўлга қўйган.