«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигига бағишлаб «25» номли акция ўтказади. ЎзА хабарига кўра, бу ҳақда Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида ўтказилган матбуот анжуманида ҳаракат вакили маълум қилди.

«Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» шиори остида ўтказиладиган «25» акциясида ёшлар ўртасида мустақиллик даврида қўлга киритилган ютуқларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб этувчи ижодий ишлар танлови ўтказилади.

Акция доирасида «Мустақиллик менинг тақдиримда» мавзуида тақдимотлар танлови, «Энг улуғ ва энг азиз» шиори остида энг сара видео ва аудиотабриклар, «Ватанимга дил изҳори» шиори остида фотосуратлар ва видеороликлар танлови ўтказилади.

Унда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар иштирок этиши мумкин. Иштирокчилар томонидан тақдим этилган ижодий ишлар жорий йилнинг 25 августига қадар «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ҳудудий кенгашлари ҳамда бир вақтнинг ўзида www.25.kamolot.uz сайтларига, лойиҳанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлаштириб борилади.