Тошкентда Captiva автомобилини ўғирлаб қочганликда гумон қилинаётган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Яккасарой тумани ИИБ навбатчилик қисмига Учртепа туманида яшовчи фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, ўзининг Captiva русумли автомобили номаълум шахс томонидан олиб қочиб кетилгани ҳақида хабар қилган.

Воқеа жойига етиб келган ички ишлар органлари ходимлари аниқлашича, ариза муаллифи автомашинасини А. Қаҳҳор кўчасида жойлашган автомашиналар ювиш шохобчасида қаровсиз қолдиргани оқибатида олиб қочиб кетилганлиги маълум бўлган.

Тезкорлик билан олиб борилган чора-тадбирлар натижасида олиб қочилган автомашина Нукус кўчасида тўхтатилди. Жиноятни содир этишда гумонланувчи шахс Жиззах вилояти Бахмал туманида яшовчи 24 ёшли фуқаро бўлиб чиқди.

Мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.