«Ўзбекэнерго» АЖ устав капиталини ошириш мақсадида давлат ҳисобига тақсимланадиган умумий номинал қиймати 7,411 трлн сўм бўлган қўшимча акцияларни чиқармоқда.

Чиқарилган акциялар «Ўзбекэнерго» қарамоғида бўлган 26 та АЖ, жумладан, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари, «Ўзбеккўмир», «Шарғункўмир», «Гидромахсусқурилиш», «Ўзқишлоқэлектрқурилиш», «Ўзэнерготаъминлаш» компаниялари ва бошқалардаги давлат улуши (акциялар) билан тўланади.

Давлат номидан «Ўзбекэнерго» АЖ 14 июнда ягона акциядор сифатида қўшимча акцияларни чиқариш тўғрисидаги қарорни қабул қилди ва Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази томонидан 23 июнда рўйхатга олиниб, ҳисобга қўйиш учун Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига тақдим этилди, дея хабар бермоқда марказ сайти.

Акцияларнинг ушбу миқдорда чиқарилиши Ўзбекистон тарихидаги энг йириги бўлди.

«Ўзбекэнерго"нинг ҳар бири 1000 сўмлик номиналдаги оддий акцияларга бўлинган устав капитали 8,59 трлн сўмни ташкил этади. Устав капиталининг йириклиги бўйича «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси иккинчи (4,22 трлн сўм), «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ (917,75 млрд сўм) учинчи ҳисобланади.

24 июнь ҳолатига кўра, республикадаги барча 688 та АЖ томонидан чиқарилган акциялар миқдори 28,76 трлн сўмни ташкил этади.