«Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида 23 июнь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкент саммити иштирокчилари учун концерт намойиш қилинди, дея хабар берди ЎзА.

Концерт залига Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон Ислом Республикаси, Мўғулистон, Покистон Ислом Республикаси президентлари, ХХР Раиси, Ҳиндистон бош вазири ва ШҲТ бош котиби ташриф буюрди.

Олий мартабали меҳмонлар эътиборига ўзбек халқининг миллий ашула ва рақслари, шунингдек, жаҳон опера санъатининг энг сара асарларидан намуналар ҳавола этилди.

Саҳнада Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева «Ул ким жонон» ашуласини ижро этди. «Ўзбекистон» ва «Наврўз» рақс ансамбллари ижросидаги «Рақслар гулдастаси» хореографик композицияси ўзбек рақс мактабининг бутун кўрку жозибасини намоён этди.

«Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ғолиби Нодира Пирматова «Эй дилбари жононим» ашуласини ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатига киритилган катта ашула услубида ижро этди.

Ўзбекистон ёшлар симфоник оркестри П. Чайковскийнинг «Евгений Онегин» операсидан лавҳа ижро этди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри хонандалари Ш. Гунонинг «Ромео ва Жульетта» операсидан Жульетта вальсини куйлади.

Ўзбекистон халқ артисти Нормўмин Султонов ва «Ниҳол» мукофоти лауреати Маъсума Болтабоева «Менинг жонажон Хитойим», Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхонова «Қадрдонларим» ашулаларини хитой тилида ижро этди. Қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, қорақалпоқ халқларининг ашула ва рақслари ҳам ижро этилди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязов «Менга бергил куйларни», халқаро танловлар лауреати Милена Матмусаева «Севги садоси» деб номланган машҳур рус ашулаларини куйлади. Концерт дастури ШҲТга аъзо давлатларнинг бой маданияти билан янада яқиндан танишиш имкониятини берди.

Ижро этилган ҳар бир куй-қўшиқда инсонга меҳр-муҳаббат, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, миллий ва умумбашарий қадриятларга эҳтиром юксак пардаларда тараннум этилди. Концерт ниҳоясида «Жон Ўзбекистон» композицияси янгради.

Фото