Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон жума куни британ жамияти референдумда мамлакатнинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқишига овоз берганидан сўнг истеъфо беришини маълум қилди.

Кэмерон вазият барқарорлашиши учун мазкур лавозимда кузга қадар қолишга ваъда берди. Кэмерон журналистлар олдида чиқиш қилар экан, британ халқининг хоҳиш-иродаси адо этилиши лозимлигини таъкидлаб ўтди. Унинг қўшимча қилишича, ҳукуматни олти йил давомида бошқаргани учун катта шараф.

23 июнда Бирлашган Қиролликда мамлакатнинг Евроиттифоқ аъзолигидан чиқиш тўғрисида референдум бўлиб ўтди. ЕИ таркибидан чиқиш учун 52 фоиз сайловчилар овоз берган бўлса, қаршилар 48 фоизни ташкил этди.

Овоз бериш натижалари тўғрисидаги янгиликлар ортидан фонд биржаларида қулашлар кузатилди, фунт стерлингнинг долларга нисбатан курси сўнгги 30 йил давомида энг паст қийматга тушди.